Ассалому алайкум! 9041-савол жавобига “Ҳозирги кунда исломийи форекслар чиққан. Дубай каби жойлардан бунга жоиз деб ҳам фатво чиққан. Лекин биз қандай ишлашини ва фаолиятидан бехабармиз. Исломий бўлмагани жоиз эмаслиги шак-шубҳасиз” деган экансизлар. Ҳозир юртимида бу соҳа жуда ҳам ривожланяпти. Танишларимга бу иш жоиз эмас, қайтарилган десам ишонишмаяпти. Онлине савдо ҳаромми деб. Бази ҳадисларни оқиб бердим (масалан олтин савдосида қолма-қол савдо қилиш, насия савдо ва шу кабилар) лекин ҳозир замон шу дейишади. Юқоридаги жавобингизни ушлаб олишган. Илтимос устозлар ушбу мавзуни органиб ҳалол жойини корсатсангизлар. Ҳозирда камида 50 фоиз тенгдошларим шу иш билан шугулланишади.
– Ва алайкум ассалом! Форексни уламолар жоиз эмас деганлар. Бу масалани айлантириб сўрайверган билан ҳалол бўлиб қолмайди. Бир вақтлар пулни нақдлаш (обналичка)ни ҳам шундай сўралган эди. Мусулмон киши шубҳали нарсалардан ҳам йироқ бўлиши керак. Озгина қаердадир бўлади деган гапни қидириб, ҳавои нафсининг хоҳишига эргашмаслиги керак. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:
الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُواْ إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَن جَاءهُ مَوْعِظَةٌ مِّن رَّبِّهِ فَانتَهَىَ فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُوْلَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
275. Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшашда, деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи зиёда бўлди, кўпайди маъносини англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда – рибодир. Ушбу тушунтиришдан кейин рибо сўзини истеъмол қилишга ижозат бергайсиз.
Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввалбошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида, ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандоқ экани билиб олинади.
Худди ўша одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан туришларини кўрганлар биров танитмаса ҳам, анавилар судхўрлар, дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:
«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар».
Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.
Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Ана ўша ҳолат судхўрларда ҳам бўлар экан.
Баъзи тафсирчиларимиз судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади, деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади:
«Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшашда, деганлари учундир».
Судхўрлар «Рибо – ҳалол», деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг: «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», дейишларидан, рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб ҳалол қилинган, деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки:
«Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган».
Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.
Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.
Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Ушбу ояти карималар тушаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда, аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.
«Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола».
Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади.
«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар».
Рибонинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ томонидан оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахий бўлади, дўзахий бўлганда ҳам, ундан ҳеч қайтиб чиқа олмай, абадий қоладиган дўзахий бўлади.
Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина эмас, балки бу дунёда ҳам уриши эслатилади:
يَمْحَقُ اللّهُ الْرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيمٍ
276. Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас.
Бандалар пул-моллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қилишади ва ўзларига келган фойдани санаб юришади. Аслини олганда, иши бунинг тескариси бўлади.Чунки:
«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «садақаларни зиёда қилур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг моли ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта озайишга қайтади», деганлар.
Имом Муслим ва имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом:
«Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, – зотан, Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди – албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек ўстириб, Уҳуд тоғидек қилади», деганлар.
«Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас».
Шундан кўриниб турибдики, рибохўр бўлганлар кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар. («Тафсири Ҳилол» китобидан). Валлоҳу аълам!