Ассалому алайкум! АЁҚШда оператор бўлиб ишлашга кирдим. Заправка амакимга тегишлик, менинг вазифам: мижоз нечта бензинга пул берса, ушанча литр қуйиб беришим керак, ва иш вактининг охирида хисоб китоб қилишим керак. Саволим шуки, мен ишлаётган туманнинг, деярлик барча заправкалари литридан уриб колишар экан, айтайлик хисоблагич (счётчик) 10литр кетти дейди, аммо тўлиқ 10000мл бензин емас, айтайлик 9900-9950мл бензин кетади, буни атайлаб купрок фойда колсин деб килишади, уриб колмасдан тўғри куйиб беришни иложи бор, бу уриб колинган бензиндан колган фойдани : одатда заправкани эгаси олади, операторларга бундан фойда тушмайди адашмасам. Билсам менинг амакимхам уриб колар екан. Менга 10 та литр бензин куясиз деб, тўлиқ пулини беришади, 10 литр счётчикдан куйиб берсамда, лекин йўқорида айтганимдак, тўлиқ тушмайди мижознинг мошинига. Шундан келиб чикиб, менга шу амакимнинг АЁҚШида ишлашим мумкинми, мижозларнинг хаққига жавобгар булиб қолмайманми?
– Ва алайкум ассалом! Ишлашингиз жоиз эмас. Бу бировларни ҳаққига тажовуз қилиш. Ундай ҳақида Аллоҳ таоло "Мутоффифун" сурасида марҳамат қилади:
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ
1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.
الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ
2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!