Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Пайғамбари­миз алайҳиссало­м суннат амалларни қандай қилиб олганлар?

00:00 / 04.11.2008 | eski savollar | 2847
Ассалому алайкум ҳурматли Шайх Ҳазратлари­.Маълумки, пайғамбари­мизнинг саводлари бўлмаган. 23 йил мобайнида Қуръони карим пайғамбари­мизга ваҳий орқали нозил қилинди. Лекин суннат яъни пайғамбари­миз йўл-юриқлари ваҳий орқали туширилмад­и. Пайғамбари­миз фақат Қуръондан келиб чиқиб гапирганла­р. Ал-Ҳаққа сурасида қуйидаги 43-44-45-46 оятлар келтирилга­н: (Қуръон) Оламлар Роббисидан­ туширилган­дир. Ва агар у (Муҳаммад)­ Бизнинг (номимизда­н) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса. Албатта, биз уни қудрат билан тутармиз: Сўнгра, албатта, унинг шоҳ (буйин) томирини кесармиз.Менинг саволим: Пайғамбари­миз суннат амалларини­ қандай ўрганганла­р? Пайғамбари­миз суннат амалларни қандай қилиб олган?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- «Улумул Қуръон» илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлайдилар:«Қуръон-Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир».Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган, Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони Карим бўлмаслиги келиб чиқади. Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлмаганлари учун Қуръони Карим бўла олмайдилар.«тавотир ила нақл қилинган», деган иборадан, тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони Карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди ана шу тариқада нақл қилингандир. Қуръони Каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амийни-ишончли соҳиби бўлмиш, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қадоқ етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, менга мирзаларни чақиринглар, деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар шундоқ қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундоқ эҳтимом ила ёд олганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар. Аллоҳ таоло эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ осишни амр этган. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу таризда ҳозиргача Қуръони Карим сонсиз саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб қелинмоқда. «Ибодатда ўқиладиган, деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудусийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам Ул илоҳий китобнинг ўзини алоҳида ажратиб турувчи сифатларидан биридир.«Ожиз қолдирувчи калом», деган сифат ҳам фақатгина Қуръони Каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир. Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси, ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан ва ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни, инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони Каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам. Аллоҳнинг каломидан бошқа нарса Қуръон бўлмайди. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб тушса ва унда мўъжиза бўлса, Қуръон ҳисобланади. Агар Аллоҳнинг каломини Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келсаю мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудусий саналади.Оддий ҳадисларнинг маъноси Аллоҳдан сўзлари Аллоҳнинг Расулидандир.Буни «Нажм» сурасида баёни келган:«У ҳаводан нутқ қилмас».Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг номидан гапирганида ҳаводан олиб гапирмайди. Балки, у зот, Аллоҳ менга нозил қилди, деб айтаётган,«У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас».Дин душманлари: «Муҳаммад ўзи хаёлига келган гапини гапириб, менга худодан хабар келди, деб бизни лақиллатяпти, ўзининг обрўини ўйлаб ҳийла қилаяпти, Қуръон деган нарсани худодан келган хабар эмас, балки ўзи тўқиган гапдир», деганга ўхшаш туҳмат-бўҳтонлар қилишарди. Юқоридаги ояти карималар бундай куфроний қарашларга раддия сифатида тушурилгандир.Демак, Қуръони Карим Аллоҳдан тушган ваҳийдан ўзга нарса эмас. У аввалидан охиригача Аллоҳнинг каломи, Муҳаммад алайҳиссалом ҳам, Жаброил фаришта ҳам бирор ҳарфини ўзгартишга ҳақли эмаслар. (Инчунун, ҳеч ким бирор ҳарфини ўзгартира олмайди, ўзгартирган ҳам эмас). «Ҳаводан нутқ қилмас» деган гапнинг маъносини қандай тушунмоқ керак? Қуръон тўғрисида узил-кесил-маъносию сўзлари, ҳатто ҳарфлари ҳам Аллоҳники эканлиги айтилди. Ҳадис (Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари) - маъноси Аллоҳдан, ибораси Муҳаммад алайҳиссаломдан бўлган кўрсатма-хабарлардир. Аммо иборалари барибир Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Пайғамбар алайҳиссаломдан нимани эшитсам, ёдлайман, деб ёзиб юрардим. Қурайш қабиласидагилар, сен Пайғамбар алайҳиссаломдан нимани эшитсанг, ёзиб оласан, у киши ҳам одам, аччиқлари чиққанда ҳам гапирадилар, дейишувди, ёзмай қўйдим. Бир куни бу ишни Расулуллоҳга айтган эдим, у киши, ёзавер, Аллоҳга қасамки, мендан ҳақ гапдан бошқа гап чиқмайди дедилар».Яна Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Мен ҳақдан бошқани гапирмайман» деганларида баъзи саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳазил-мутойиба қиласиз-ку?» дебдилар. У зот яна: «Албатта, мен ҳақдан ўзга гапни айтмайман», деган эканлар.У зоти бобаракотнинг ҳазиллари ҳам ҳақ бўларди. Ҳазил, деб кулдириш мақсадида у зот ноҳақ ибораларни ишлатмасдилар. Мисол учун бир куни қари капмир келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, шоядки жаннати бўлсам», дебди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Кампирлар жаннатга кирмайди», дебдилар. Аёл йиғлай бошлабди. Кейин унга, жаннатга қари ҳолда кирилмайди, ҳамма ўттиз уч ёшли бўлиб киради, деб тушунтирилгач, хурсанд бўлган экан.Бу ҳодисага «Хурмони чанглатиш» номи билан машҳур ҳодисани қўшсак, тўлиқ тасаввур пайдо бўлади. Саҳиҳ ривоятларда келишича, бир куни Пайғамбар алайҳиссалом Мадинаи Мунавварадаги хурмо боғларидан бирининг ёнидан ўтиб кетаётсалар, одамлар хурмо дарахтлари устида нималардир қилишаётган эмиш.«Улар нима қилишяпти?» деб сўрабдилар. «Хурмони чанглатишяпти, шундоқ қилса ҳосил мўл бўлади», деб жавоб қилишибди. Пайғамбар алайҳиссалом:«Аллоҳ берса, шундоқ ҳам мўл бўлаверади», деган маънода сўз айтибдилар. Боғбонлар мазкур сўз таъсирида чанглатишни тарк қилибдилар. Йилнинг охирига келиб ҳосил мўл бўлмабди. Кишилар бу хабарни Пайғамбар алайҳиссаломга айтишган экан, у зоти бобаракот: «Мен сизларнинг динингизда бир гап айтсам, тўлалигича қабул қилинглар, сиз дунё ишларида ўзингиз билувчироқсиз», деган эканлар. Шундан келиб чиқиб, уламолар айтадиларки, диний ҳукмлар борасида Пайғамбар алайҳиссалом ўзларидан гапирмаганлар. Тажриба, инсон маҳоратига боғлиқ ишлардан ўзларидан гапирганлар.

Топ рейтинг www.uz Openstat