Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳадис

21:38 / 09.12.2022 | وَلِرَبِّكَ فَاصْبِرْ | 680

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар диндош биродарингиздан бирор бир нарсани илтимос қилмоқчи бўлсангиз, уни мақтаманг, чунки уни белини синдирган бўласиз” деган ҳадислари саҳиҳми ва маноси нима?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадисларда қуйидагича келади.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَسَمِعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا يُثْنِي عَلَى رَجُلٍ وَيُطْرِيهِ فِي الْمِدْحَةِ، فَقَالَأَهْلَكْتُمْ أَوْ قَطَعْتُمْ ظَهْرَ الرَّجُلِرَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб, маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолдилар ва:
«Ўша одамни ҳалок қилдиларинг ёки белини уздиларинг», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳлик бўлади. Бу иш мақталган кишининг ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб, бузилишига сабаб бўлади. Натижада у одам ҳалокатга учрайди ва одамгарчиликдан чиқади. Шунинг учун маддоҳлик қилмаслик керак.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَذُكِرَ رَجُلٌ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَثْنَى عَلَيْهِ رَجُلٌ خَيْرًا، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَوَيْحَكَ قَطَعْتَ عُنُقَ صَاحِبِكَ، يَقُولُهُ مِرَارًا، إِنْ كَانَ أَحَدُكُمْ مَادِحًا لَا مَحَالَةَ فَلْيَقُلْ أَحْسِبُ كَذَا وَكَذَا، إِنْ كَانَ يُرَى أَنَّهُ كَذَلِكَ وَحَسِيبُهُ اللهُ، وَلَا يُزَكِّي عَلَى اللهِ أَحَدًارَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Бир одам унга яхши мақтов айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта:
«Шўринг қурисин! Соҳибингнинг бўйнини кесдинг! Агар бирортангиз ноилож мадҳ айтадиган бўлсангиз, «Ундай деб ўйлайман, бундай деб ўйлайман» десин. Агар ана шундайлиги кўрилган бўлса, унинг ҳисоб-китоб қилувчиси Аллоҳдир. Аллоҳга бировни поклаб кўрсатмасин», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ерда бировни юзига мақташ ҳақида, шу билан бирга, мақтовдан сўнг ўзидан кетиб, адашув йўлига кириши эҳтимоли бор кишилар ҳақида сўз кетмоқда. Ўринли ва адолатли мақтов мумкин. Баъзи жойларда кишиларни яхшиликка тарғиб қилиш учун керак ҳам.

وَجَاءَ رَجُلٌ فَأَثْنَى عَلَى عُثْمَانَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي وَجْهِهِ، فَأَخَذَ الْمِقْدَادُ بْنُ الْأَسْوَدِ تُرَابًا فَحَثَا فِي وَجْهِهِ، وَقَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَإِذَا لَقِيتُمُ الْمَدَّاحِينَ فَاحْثُوا فِي وُجُوهِهِمُ التُّرَابَرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

«Бир киши келиб, Усмон розияллоҳу анҳуни юзларига мақтади. Миқдод ибн Асвад тупроқ олиб, унинг юзига сочди ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон маддоҳлар га йўлиқсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочинг», деган эдилар», деди».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бундан маддоҳларни маддоҳликдан қайтариб туриш ҳам зурурлиги келиб чиқади. Бўлмаса, улар ўз маддоҳликларида ҳаддан ошиб, бир-бирлари билан мусобақалашиб бораверадилар.
Бир киши ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг юзларига қараб туриб, маддоҳлик қилди. Али розияллоҳу анҳу аввал шу одамнинг ўзларини ёмонлаб юрганини билар эдилар ва унга:
«Мен сен айтганчалик эмасман. Аммо ичингда сақлаб турганингдан устунман», дедилар.

وَجَاءَ وَفْدُ بَنِي عَامِرٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُواأَنْتَ سَيِّدُنَا، فَقَالَالسَّيِّدُ اللهُ، قَالُواوَأَفْضَلُنَا فَضْلًا وَأَعْظَمُنَا طَوْلًا، فَقَالَقُولُوا بِقَوْلِكُمْ أَوْ بَعْضِ قَوْلِكُمْ، وَلَا يَسْتَجْرِيَنَّكُمُ الشَّيْطَانُرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْإِمَامُ أَحْمَدُ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бани Омирнинг элчилари келдилар. Бас, улар:
«Сиз саййидимизсиз», дейишди.
«Саййид Аллоҳдир», дедилар у зот.
«Фазлда афзалимизсиз, атода каттамизсиз», дейишди.
«Бу гапингизни ёки бу гапингизнинг баъзисини айтаверинг. Фақат шайтон сизларни ўзига югурдак қилиб олмасин», дедилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Меъёрида ва ҳаддан ошмасдан мақтов сўзларини айтиш мумкинлиги шу ҳадиси шарифдан олинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларини мадҳ қилганлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган.
Суфён ибн Уяйна:
«Ўзини билган одамни мадҳ қилиш зарар қилмайди», деган.
Мадҳнинг ўзида олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.
Мадҳ қилувчидаги офатлар қуйидагилар:
1. Мадҳда ҳаддан ошиб, ёлғон қўшиб юбориш.
2. Мадҳга риёкорликни аралаштириш. Мисол учун, мақтаётганда уни яхши кўришини айтади, аслида яхши кўрмайди. Ёки гапираётган гапи ўз эътиқодига тўғри келмайди. Шунинг ўзи риёкорликдир.
3. Маддоҳ гоҳида рўёбга чиқиши мумкин бўлмаган нарсани ёки моҳиятини англаш қийин нарсани гапиради. Мисол учун, «Бу киши ўта тақводор, парҳезкор ва зоҳиддир», дейилиши.
4. Маддоҳ золим ёки фосиқ одамни мақтаб, хурсанд қилади.
Мақталган шахсдаги офатлар:
1. Мақтов мақталган одамда кибр ва ўзини устун кўришликка сабаб бўлиши мумкин.
2. Мақталган мақтовга учиб, ўзидан рози бўлиб, ҳимматини йўқотиши мумкин.
Мазкур олти офатдан холи бўлса, мадҳ жоиздир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat