Ассалому алайкум! Институтимизда учрайдиган ҳолат ҳақида. Лексияларга келолмай қолган курсдошимиз ўрнига бошқа талаба олиб кирамиз яни йўқламада одам сони учун. Бунда кейин ўрнига кириб берган талабага келолмай қолган курсдошим пул беради. Ман бу ҳолатларда кўпинча дарси йўқ талаба топиб берувчи бўлиб қоламан. (Лекин ҳеч қанақа нарса эвазига эмас.) Шу ҳолатни изоҳлаб беришингизни ҳоҳлардим. Ва бунда мани ҳолатим гуноҳ иш қилиш бўлиб қолмаяптими? Курусдошим илтимоси ёрдам қилиш деб ўйлаб ўртада аралашувим гуноҳ орқали бўлмаяптими?
– Ва алайкум ассалом! Уччалангиз ҳам гуноҳкорсиз. Бу ёлғончилик. Ёлғон гувоҳлик беришнинг гуноҳи нақадар оғир эканини биласизларми? Дарсда йўқ одамни бор деб ёлғон ишлатиш билан бирга ўрнига бошқа одамни қўйиб макр ҳам ишлатар экансиз. Шундай кўзбўямачиликка ўрганган инсонлар келажакда бундан катта разилликларга ҳам қўл уриши ҳеч гап эмас. Тавба қилинг ва истиғфор айтинг.
Аллоҳ таоло айтади:
«Улар ёлғон гувоҳлик бермаслар» (Фурқон сураси, 72-оят).
Бу Раҳмонга суюкли бандаларнинг еттинчи сифатидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки қадами (турган еридан) қўзғалмай туриб Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади», дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти).
Мусанниф (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Ёлғон гувоҳлик берувчи одам бир қанча улкан гуноҳларни содир этади:
1). Ёлғон ва уйдирма;
Аллоҳ таоло айтганки:
«Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас»(Фотир сураси, 28-оят).
Ҳадиси шарифда эса: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти);
2). Зулм. Кимнинг зарарига ёлғон гувоҳлик берса, унга зулм қилган бўлади. Чунки шу гувоҳлик сабабли ўша кишининг мол-мулки ёки обрўси ва ё жони кетади;
3). Шунингдек, кимнинг фойдасини кўзлаб ёлғон гувоҳлик берса, унга ҳам зулм қилган бўлади. Зеро, унинг гувоҳлиги туфайли у киши ҳаром мол-мулкни эгаллайди ва дўзахга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Кимга биродарининг ҳаққини ҳукм қилиб берсам, батаҳқиқ, унга дўзахнинг бир парчасини бўлиб берган бўламан» (Мутафаққун алайҳ);
4). У Аллоҳ таоло ҳаром қилган ва сақлаган ўзганинг мол-мулки, қони ва обрўсига тажовуз қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини хабар қилайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: «Қанийди, сукут қилсалар», дедик (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Аллоҳ таолодан барча балолардан омон сақлашини сўраймиз. Валлоҳу аълам!
«Гуноҳи кабиралар» китобидан